Саудия Арабистони барча даражадаги коррупцияга қарши уруш очди
Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз прокуратура тизимида коррупцияга қарши махсус департаментлар очиш ҳақида қарор қабул қилди.
Коррупцияга қарши департаментлар адлия ва прокуратура органлари доирасида фаолият юритади ҳамда коррупциянинг барча турларига қарши курашади.
Прокурор Сауд ибн Абдулла Ал-Мужибнинг айтишича, қироллик ҳукумати бюджет маблағларини талон-тарож қилинишининг олдини олиш ва аҳолига давлат хизматларини муносиб тарзда кўрсатиш ниятида ушбу чораларни қўлламоқда. Бу ҳақида Gulf News маълум қилади.
Прокурорнинг сўзларига кўра, қирол Салмон ва унинг меросхўри Муҳаммад давлат хизматларининг буткул шаффофлигига эришмоқчи. Аввал мамлакатда коррупция жиноятлари лавозим вазифаларини яхши бажармагани учун ходимларни жазолайдиган ташкилот томонидан текшириларди. Бу тизим «очкўз амалдорлар» билан курашда яхши самара бермади.



