Туркияда ИШИД амири устидан суд бошланди
Террорчи Туркиянинг Киршаҳир шаҳрида қўлга олинган.
Туркияда ИШИДнинг Ироқдаги Талл-Афар шаҳри амири саналмиш шахс ва унинг укаси устидан суд жараёни бошланди, улар Туркиянинг Киршаҳир шаҳрида амалга оширилган ҳарбий амалиётлар пайти қўлга олинган.
H.K.İ.H ва S.K.İH номли шахслар «террорчилик ҳаракатида иштирок этган»ликда айбланмоқдалар.
Террорчиларнинг судда айтишича, 2014 йил террорчилар томонидан Мосул эгаллангач, уларнинг ҳаёти тубдан ўзгарган. Улар ўз корхоналарини ёпиб ИШИД сафига қўшилишга мажбур бўлганлар, чунки ҳокимият ИШИД қўлида эди.
Судланувчиларнинг сўзларига кўра, аввалига террорчилар уларни «полиция» ходимлари этиб тайинлаганлар, орадан 5-6 ой ўтиб ака-ука ўз хатосини тушунган ва Туркияга қочишган. Гувоҳлар судланувчилардан бирини аниқ-тиниқ қилиб Талл-Афар «амири» деб атагани борасидаги судянинг саволига жавобан H.K.İ.H бу шаҳарга келганига энди уч ой бўлгани ва бу муддат амир этиб тайинланиш учун камлик қилишини айтди.
Телефони ва флеш-картасида автоматлар, гранатомётлар ва ИШИД тимсоллари қаердан пайдо бўлгани ҳақидаги саволга эса: «Мен бир муддат ИШИД таркибида эдим. Ойига 250 доллар маош олардим. Мен қурол олиб юрмаганман, жангларда иштирок этмаганман, «Абу Қаррор» деган махфий исмдан фойдаланмаганман. Биз улар каби кийинишимиз ва улар талаб қилгандек яшашимиз шарт эди», дея жавоб берган.



