Москвада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Москвада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Москвада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб ҳар йили ўтказиладиган тадбир бўлиб ўтди. Унда Россиянинг турли бурчакларидан келган 6 минг нафар Қирғизистон фуқаролари иштирок этишди.

11 март куни Москвадаги 6 минг кишига мўлжалланган Сити Холл одамларга лиқ тўла эди. Россиянинг турли ҳудудларида яшаётган қирғизистонликлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган тадбирда иштирок этиш учун атайдан Москвага етиб келдилар. Тадбир Россиядаги Қирғизистон Мусулмонлар идораси томонидан ташкил этилди. Фахрий меҳмонлар сифатида Қирғизистон уламолари ва Олимлар кенгаши аъзолари Абдишүкүр ажи Нарматов ва Чубак ажи Жалилов, дин ишлари бўйича Давлат қўмитаси аппарати раҳбари Абибилла ажи Қодирбердиев ва қозоғистонлик таниқли уламо Абдуғаффор Смановлар таклиф этилди.
Россия Федерацияси мусулмонлар идорасининг Қирғизистондаги вакили ва Қирғизистон муфтийсининг маслаҳатчиси ҳам Мавлид ан-Набий тадбирида иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, тадбир жуда самимий ва туйғуларга бой бўлди.
«Тадбир жуда яхши ўтди. Кўз ёшлари, тўлқинланиш, таъсирланиш кўп бўлди. Москва муфтийси Элдор Алауддинов тадбир иштирокчиларига ўз таҳсинларини айтди. Унинг сўзларига кўра, 7 соат давомида томошабинларни бу даражада тўлқинлантириб, ҳиссий жиҳатдан ушлаб туриш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Расулуллоҳга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, бирдамлик, уммат қайғуси, оилаларни сақлаб қолиш ва ҳоказо мавзулар кўтарилди. Келганларнинг аксари узоқ вақт хотирадан ўчмайдиган маънавий озуқа олдилар. Кўпчиликда умид пайдо бўлди», – деди имом хатиб Азамат Арғин.
Тадбир икки қисмга бўлинди. Биринчи қисамда Олимлар кенгаши аъзоси Чубак ажи Жалилов томошабинларнинг саволларига жавоб берди. Иккинчи қисмда эса жамиятдаги долзарб муаммоларга оид турли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, таниқли олимлар турли мавзуларда маърузалар қилдилар. Улар Москвада яшаётган фуқароларимизни динга, адолатга, меҳрибонлик ва савобли ишларга, шунингдек, ўзлари яшаётган мамлакатнинг қонунларини ҳурмат қилишга чақирдилар. Кеча сўнгида қимматбаҳо совринли ўйинлар бўлиб ўтди. Совринларнинг энг боши эса Умра сафарига йўлланма эди.
Бундай тадбир саккизинчи марта ўтказилмоқда. У доим омма орасида катта қизиқиш уйғотган.
2017 йилнинг октябрь ойидаги маълумотларга кўра, Россияда Қирғизистоннинг 600 мингдан ортиқ фуқароси истиқомат қилади.

back to top