Татаристонда исломий телеканал ишга тушади
news.rambler.ru
Бугун «Хузур ТВ» номли биринчи исломий телеканалнинг очилиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида «Таттелеком»нинг маркетинг бўйича директори Александр Смирнов республиканинг ҳар учинчи оиласида исломий телекўрсатувларни томоша қилиш имконияти пайдо бўлишини айтди.
Телеканал Татаристон Республикаси мусулмонлар идорасига қарашли «Хузур» нашриёт уйи қошида ташкил этилди. 1 апрелдан телеканал рақамли кабел тармоғи орқали эфирга чиқади. Кўрсатувлар рус ва татар тилларида олиб борилади. «Канални яратиш учун 1 миллион рублга яқин маблағ кетди», дейди «Хузур» нашриёт уйи директори Ришат Ҳамидуллин. Лойиҳа ташкилотчиларининг сўзларига кўра, телеканалда диний секталарни фош қилиш, миллатлараро ва динлараро муаммоларни ёритиш каби масалаларга эътибор қаратилади. Келажакда маърифий ва кўнгилочар дастурлар ҳам режага киритилган.



