Белгия Брюсселдаги энг катта масжид назоратини Саудиядан қайтариб олди
golosislama.com
16 март куни Белгия ҳукумати пойтахт Брюсселда жойлашган ва Саудия Арабистонига ижарага берилган энг катта масжид назоратини ўз қўлига олди.
Белгия ҳукумати масжидни Саудияга 99 йилга фойдаланиш учун ижарага бериш ҳақидаги келишув бекор қилингани ҳамда масжид назорати қайта ҳукуматга ўтганини билдирди.
“Белгияда Ислом динини ўқитиш орқали мамлакат ички ишларига ташқи аралашувга чек қўйиш учун келишув дарҳол тўхтатилади”, - дейилган ҳукумат эълон қилган баёнотда.
Белгия ҳукумати мамлакат саноати учун нефтни арзонроқ нархда сотиб олиш эвазига Брюсселдаги Катта масжидни 1969 йилда Риёд расмийлари иҳтиёрига топширган. Шундан бери Саудия қўллаб-қувватлаган имомлар асосан Марокаш ва Туркиядан Белгияга келган мигрантларга Ислом динидан сабоқ бериб келайтган эди.
Брюсселдаги масжид шу кунга қадар қароргоҳи Макка шаҳрида жойлашган ва Саудия ҳукумати молия билан таъминлайдиган Жаҳон Мусулмонлар Лигаси ташкилоти томонидан бошқариб келинаётган эди.
Белгия Ички ишлар вазири Жан Жамбон 16 март куни Твиттердаги ўз саҳифасида, “биз шу йўл орқали салафийликнинг зўравон эктремист таъсирига барҳам беряпмиз”, дея баёнот берган.



