Британияда мусулмонни пичоқлаган шахсдан суиқасд айблови олиб ташланди
Алтринчем шаҳридаги масжид олдида мусулмон ортопед жарроҳга пичоқ билан ташланиб гарданига беш сантимертлик жароҳат етказган шахсдан қотиллик содир этишга уриниш, айблови олиб ташланди.
16 март кунги суд ҳайъатининг бундай қарорига жабрланувчи, 58 яшар Др.Нассир Курдий 28 яшар ҳужумчи Айн Руукни 24 сентябр кунги тажовуз учун авф этгани сабаб бўлди.
Суд ҳакамлари Курдий ҳужумчини кечирганини, шунингдек, руҳан носоғлом бўлган Руук ўша кунлари асабни тинчлантирувчи дориларини икки кун ича олмагани боис беиҳтиёр тажовузкор ҳолатга тушиб қолганини инобатга олган.
БиБиСи хабарига кўра, Руук судда Курдийга қасддан тан жароҳати етказганини ва совуқ қуролга эга бўлганини тан олган.
Маҳкамада Айн Руук уч фарзанднинг отаси бўлган Нассир Курдий ва унинг онасидан кечирим сўраган.
“Бошиданоқ мен ҳужум қилган шахсни кечирганимни айтганман ва қалбимда унга нисбатан ҳеч қандай адоватим йўқ”, - дея баёнот берган Др.Нассир Курдий.



