Австралиялик мусулмон крикетчининг қайлиғи никоҳ арафасида Ислом динини қабул қилди
Австралиялик мусулмон крикетчи Усмон Ҳаважанинг Брисбон шаҳрида яшайдиган 22 яшар насроний қайлиғи Рачел МакЛеннан келаси ойга режаланган никоҳ тўйлари арафасида Ислом динини қабул қилганини эълон қилди.
18 март куни тунда эфирга узатиладиган “60 Дақиқа” номли телекўрсатув студиясига Рачел 31 яшар бўлажак турмуш ўртоғи Усмон Ҳаваж билан бирга келди У Усмон Ҳаважни учратишдан олдин Ислом дини тўғрисида нотўғри фикр ва тасаввурга эга бўлганини тан олди.
“Юсси, (таҳр.: яъни, Усмон) мен умримдан биринчи марта учратган мусулмон эди. Шуни тан оламанки, дастлаб мен унга жуда паст назар билан қарадим. У пайтгача мен мусулмонлар ҳақида фақат янгиликларда эшитган эдим. Ўқиганларимнинг ҳаммаси террорчилар ва шу каби нарсалар ҳақида эди”, - дея иқрор бўлди Рачел МакЛеннан.
Покистонда туғилган Усмон Ҳаважа Австралия крикет майдонида ўйнаётган биринчи мусулмон ўйинчидир.
“Ислом дини ҳаётимда доим биринчи ўринда турган. Рачел билан тушган суратларимни ижтимоий тармоққа қўйганимда одамлар, у мусулмон эмасми? Бу жуда ёмон. Сен унга уйлана олмайсан, деган турли дашномларни жуда кўп эшитганман.”, - дейди Усмон.
Рачел Ислом динини қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилишида ҳеч ким босим ўтказмаганини айтди.
“Усмон ёки унинг оила аъзолари менга Ислом динини қабул қиласан, деб ҳеч қандай босим ўтказишгани йўқ. Бу унинг учун жуда муҳим эканини тушундим. Ислом динини қабул қилиш ҳақида фақат ўзим қарор қабул қилдим”, - дея таъкидлади Рачел МакЛеннан.
Усмон ва Рачел ўз тақдирлари ҳақида телекўрсатув орқали сўзлаб беришдан мақсад жамиятда ҳукмрон бўлган нотўғри диний ва ижтимоий тушунчаларга барҳам беришдан иборат эканини таъкидлашди.



