Черков, синагога ёки масжидга ҳужум мамлакатнинг ўзига ҳужумдир
Германияда энг катта уч мусулмон ташкилоти вакиллари мамлакатда мусулмон ибодатхоналарига нисбатан амалга оширилган қатор ҳужумлардан сўнг бирлашиб, немис сиёсатчилари номига мурожаатнома ёзди.
Германия Мусулмонлар Марказий Кенгаши (ZMD), DITIB турк мусулмон ташкилоти ва Ислом кенгаши раҳбарлари Европа оммавий ахборот воситаларида воқеаларнинг нотўғри ёритилишини қораладилар ҳамда мусулмонлар анчадан бери ўнг қанот радикалларининг тазйиқларидан азоб чекаётганини таъкидладилар, дея хабар беради Deutsche Welle.
«Мусулмонлар ўн йиллар давомида реакцион экстремистлар томонидан доимий таҳдид остида яшамоқдалар, – дейилади қўшма баёнотда. – Бу хавфли вазият тагига хорижий террорчи гуруҳлар янада ўт ёқмоқдалар».
Берлинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мусулмонлар марказий кенгаши вакили Айман Мазек ибодат жойларига қилинаётган ҳужумларга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини гапирди.
«Черков, ибодатхона ёки масжидга ҳар қандай ҳужум – бу мамлакатимизга, демократиямизга ҳужумдир – деди Мазек. – Юртимизда масжидлар ёнди дегани мамлакатимиз ҳам ёняпти деганидир. Биз бир жамият бўлиб бирлашмоғимиз керак. Масжид ёнса, гўё ҳеч нима бўлмагандек кундалик ишларимизни қилиб кетавермаслигимиз лозим. Худонинг уйлари ҳимоя қилиниши керак».



