ИТБ африкалик кўзи ожиз бир миллион болага ёрдам кўрсатади
Ислом тараққиёт банки (ИТБ) 100 мингдан ортиқ катаракта жарроҳлик амалиётини амалга ошириш ҳамда Африкадаги бир миллион болани кўзойнак билан таъминлаш учун $ 30 миллион долларлик жамғарма ташкил этади. Буни Халқаро исломий савдо-молия корпорацияси раҳбари 19 март куни эълон қилди.
Кўрликка қарши кураш бўйича Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган анжуманда чиқиш қилган Корпорациянинг ижроя директори Валид Ал Воҳаиб, Африкада қарийиб 33 миллион одам кўзи ожизликдан азият чекаётганини, уларнинг 75 фоизи катаракта билан боғлиқ даволаш ёки олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан иборат эканини алоҳида таъкидлади.
ИТБ 2008 йилда Тараққиёт учун исломий бирдамлик жамғармаси қошида бартараф этилиши мумкин бўлган кўзи ожизликка қарши кураш иттифоқини тузган. Маълумотларга кўра, мазкур ташкилот 2008-2015 йилларда Африкадаги саккиз давлатда яшайдиган 250 минг боланинг кўз касалликларини даволаш муолажаларини молиялаштирган.
2005 йилда ИТБ камбағалликни камайтириш, иқтисодиётни кучайтириш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасини яхшилаш мақсадида 10 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағ билан Тараққиёт учун исломий бирдамлик жамғармасини тузган.
Туркиянинг Инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш жамғармаси маълумотига кўра, битта катаракта жарроҳлик амалиёти учун сарфланадиган маблағ 75 АҚШ долларини ташкил этади.



