Афғонистон: Мулла Расул Индонезияда уламолар анжумани ўтказишни қутлади

Толибон ҳаракатидан ажраб чиққан гуруҳ етакчиси Мулла Расул Афғонистон тинчлик жараёни бўйича март ойи охирида Индонезияда Уламолар анжумани ўтказишни қўллаб-қувватлашини айтди.

Мулла Расул 18 март куни эълон қилган баёнотида фақат уламолар ва диний олимлар воситачилигидагина мамлакатда тинчлик қарор топиши мумкин, деган фикр билдирди.
Pajhwok.com нашри хабарига кўра, Мулла Расул Толибон ҳаракатининг Ҳибатуллоҳ етакчилигидаги гуруҳи Жакартада ўтказилиши таклиф қилинган тинчлик анжуманида қатнашишдан бош тортганини танқид остига олиб, уларнинг қарорини нотўғри ва ноқонуний деб атаган.
Толиблар эълон қилган баёнотда Ҳибатуллоҳ Афғонистон халқи қийинчилик ва камбағалликда ҳаёт кечираётганини, хориж қўшинлари мамлакатни тарк этган тақдирдагина тинчлик қарор топишини таъкидлаган.
Нашрга кўра, Индонезия президенти пойтахт Кобулга ташрифи чоғида Жакарта Афғонистон ва покистонлик уламолар иштирокидаги халқаро анжуманга мезбонлик қилиши мумкинлигини таклиф қилган.
Бироқ Покистон ҳукумати бу таклифга ҳозирча жавоб қайтармаган.

back to top