Ислом ҳақида сўров ўтказган немис миллатчилари шарманда бўлди

Муқобил Германия (AfD) номли ашаддий миллатчилар партиясининг Берлин бўлими Твиттер орқали ўтказган сўровида кутилган натижани ололмагани боис сўровни ўчириб ташлади.

Dailysabah нашри хабарига кўра, AfD Берлин Твиттер орқали немисларга: “Ислом дини Германияга тегишлими?”, - деган савол билан мурожаат қилди.
Сўров натижаси ташкилотчиларни лол қолдирди. Сўровда иштирок этган 40 мингдан зиёд германияликнинг 85 фоизи саволга “Ҳа” деб, 15 фоизи “Йўқ” деб жавоб берди.


Бундай натжани кутмаган AfD Берлин ходимлари сўровни Твиттер саҳифасидан дарҳол ўчириб ташлади.
Бироқ Германиядаги ОАВ ижтимоий тармоқдаги мазкур сўров натижасини аллақачон скриншот қилишга улгурди.
14 март куни Германия Ички ишлар вазири сифатида қасамёд қилган Хорст Сийхофер 16 март куни Bild газетасида чоп этилган илк интервьюсида “Ислом дини Германияга тегишли эмас” деб, мигрантларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини таъкидлади. Унинг ушбу баёноти жамиятда ва сиёсатчилар орасида норозилик ва баҳсларга сабаб бўлди.
Германия Канцлери этиб қайта сайланган Ангела Меркел 21 март куни Бундестаг аъзолари олдида қилган биринчи чиқишида мусулмонлар Германиянинг бир қисми эканини яна бир карра таъкидлади: “Шубҳасиз, мамлакатимиз тарихдан насроний ва яҳудийлардан иборат бўлиб келган. Ҳозирда Ислом ҳам мамлакатимизнинг бир қисмига айлангани ҳақиқат”, - дея баёнот берди Германия Канцлери.
Меркел хоним айрим германияликлар буни тан олиши қийин бўлаётганини тан олди. Маълумотларга кўра, ҳозир Германияда тахминан 4 ярим миллион мусулмон яшайди.

 

back to top