Ню Йорк: Полиция рўмолини ечтирган муслимага $ 85 минг товон пули тўланади
Ню Йоркда бўлиб ўтган судда шаҳар ҳокимияти полиция ходими рўмолини ечишга мажбур қилган муслимага 85 минг доллар товон пули тўлашга рози бўлди.
Рабаб Муса исмли аёл 2016 йил 6 сентябр куни Ню Йорк шаҳар полицияси бўлими ходими Midtown South Precinct станциясида унинг бошидаги рўмолини ечтириб мусодара қилгани ва ҳибсга олганини айтди.
Аёлнинг иддао қилишича, у эркаклар бўлган камерага қамаб қўйилган.
NY Daily News нашри 24 март куни тарқатган хабарга кўра, кейин аёл Бруклин мавзесидаги полиция идорасига олиб борилиб ечинтириб тинтилган.
Сўроқ пайтида полиция ходими муслимага ҳеч нарсани тушунтирмай ундан қилмишига иқрор бўлишни талаб қилган. Олти соат ўтиб аёл ҳеч қандай айбловсиз қўйиб юборилган.
Полиция ходимлари Рабаб Мусани нима сабабдан ҳибсга олгани маълум эмас.
Бироқ Ню Йорк шаҳар полицияси идораси маълумотига кўра, муслима полиция ходими томонидан янглиш қўлга олинган.



