Швеция: 8 минг кишилик шаҳарда 500 кишилик масжид қуришга рухсат берилди

Маҳаллий аҳоли вакиллари қарши чиққанига қарамай, Швециянинг 8 минг аҳоли яшайдиган Алвеста шаҳарчасида бир вақтнинг ўзида 500 киши намоз ўқийдиган масжид қуришга рухсат берилди.

Швециянинг SVT миллий телеканали 23 март куни тарқатган хабарга кўра, қиймати 1 миллион 850 минг АҚШ долларига тенг экани айтилаётган масжид қурилиши лойиҳасини Alliance Caucasus номли ташкилот молиялаштиради.
Алвеста шаҳарчасидаги катта масжид Alliance Caucasus ташкилоти 2016 йилда сотиб олган ер участкасида бунёд этилади.
Sputniknews нашри хабарига кўра, маҳаллий аҳолининг узоқ давом этган норозиликлари ва баҳс-мунозараларидан сўнг ниҳоят, шу ҳафтада Alliance Caucasus масжид қуришига рухсат берилди.
“Бу - биз жамиятнинг бир қисми эканимизнинг эътирофидир”, - дея баёнот берди Alliance Caucasus ташкилоти бошқарув кенгаши аъзоси Шариф Салангини SVT телеканали мухбири билан суҳбатда.
Тенг ҳуқуқлилик тамойили асосида маҳаллий аҳолидан ҳеч ким камситилмаслигини шарт қилган Алвеста шаҳар ҳокимияти расмийлари масжид лойиҳаси барча қурилиш қонунлари ва атроф-муҳитни сақлаш талабларига мос келишини таъкидлаган.

back to top