Ҳижобли офицер исломофобияга қандай жавоб берди?
Австралиялик биринчи ҳижобли полиция ходими ўз номи Виктория штати аёллари шараф рўйхатига киритилгандан сўнг, ижтимоий тармоқларда қандай нохуш шарҳлар ва таҳдидлар тўфонига дуч келганини айтиб берди.
Ижтимоий тармоқда бош констебел Маҳи Суккарни табриклаб қолдирилган ёзув тагида юзлаб тажовузкорлик ва тоқатсизлик руҳидаги изоҳлар, таҳдидлар ҳамда ҳақоратлар пайдо бўлди. Уларнинг аксарияти ижтимоий тармоқ сиёсатини бузувчи дея баҳоланиб олиб ташланди.
Суккарнинг фикрига кўра, исломофобия унга янада яхши ишлаши учун туртки берди, холос.
«Мен сўз эркинлигига ишонаман, аммо мени террорчи деб ёки одамларни менга қарши жисмоний ҳужумга даъват этиб ҳаддан ошмаслик керак», дейди штатнинг шараф тахтасига сурати қўйилган ҳижобли офицер.
«Менимча, буларнинг бари бошимга ҳижоб ўралганлиги туфайли келиб чиқди», деди у.
Виктория штатининг хотин-қизлар ишлари бўйича вазири Натали Хатчинс келиб чиқиши ливанлик бўлган офицер аёлни қўллаб-қувватлади ҳамда ушбу исломофобия кампаниясини «даҳшатли» ва «қабул қилиб бўлмас» деб баҳолади.



