Амирлик Исломий банки Исломни қабул қилганларга 500 минг дирҳам ажратди

Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) Амирлик Исломий банки “Зайид йили”да амалга ошириладиган тадбирлар доирасида 25 март куни Дар Ал Бер жамиятининг “Янги мусулмонлар” лойиҳаси учун 500 минг дирҳам ($ 136.000) маблағ ажратди.

Учинчи йил ҳайрия сифатида берилаётган пул Ислом динини яқинда қабул қилган ва жамиятнинг БААдаги бўлимларидан бирида рўйхатдан ўтган янги мусулмонларга муносиб ҳаёт кечиришларида ёрдам бериш мақсадига сарфланади.
Банк айни мақсад учун Дар Ал Бер жамиятига 2016 йилда 500 минг, 2017 йилда 300 минг дирҳам ажратган.
Банкка миннатдорлик билдирган Жамият директори ўринбосари Ҳишам Ал Хошимий банк ажратган пул Ислом динини яқинда қабул қилганларнинг эҳтиёжлари учун сарфланишини таъкидлади.
Ал Хошимий жамият ишлаб чиққан дастур янги мусулмонларга мўътадил Ислом амалларини ўргатишни, ўзгаларга нисбатан кенгбағирлик, терроризм ғояларига қарши курашишни ўргатишни ҳам ўз ичига олишини қўшимча қилди.

back to top