Покистонлик аёл 32 йилда Қуръони Каримни ип ва игна ёрдамида тикиб ёзди (+Видео)

Покистоннинг Гужрат шаҳрида яшайдиган Насим Аҳтар исмли аёл Қуръони Каримни 32 йил давомида қўлда ип ва игна ёрдамида тикиб ёзди.

ARY News нашри 26 март куни тарқатган хабарга кўра, игнада ип билан икки қатор тикиб ёзилган мазкур Қуръон дунёдаги ўзига хос ягона Мусҳафдир.
Нашр мухбири билан суҳбатда Насим Аҳтар Мусҳафни ҳеч кимнинг ёрдамисиз ёлғиз ўзи ёзганини таъкидлади. Бунинг учун Насим эни 114 см узунлиги 2286 см бўлган мато сотиб олган. Унинг айтишича, матони майда бўлакларга бўлиб сураларни тикиб ёзиш анча қийин кечган.
Насим Аҳтар бир кунда Қуръон сураларидан бир ёки иккита қаторини, базан уч қаторини хатоликка йўл қўймаслик учун диққат билан тикиб ёзган.
Насим Аҳтар ёшлигидаёқ Мусҳафни игна ва ип ёрдамида тикиб ёзишни орзу қилган. Бироқ оилавий сабабларига кўра турмушга чиққунига қадар иш бошлай олмаган.
Ниҳоят, 1987 йилда бошлаган ҳайрли ишини шу кунларда тугатишга мувавффақ бўлган.
Насим игна ва ип ёрдамида тикиб ёзилган Мусҳаф Гиннеснинг Дунё рекордлар китобига киритиш учун Покистон расмийлари томонидан тақдим этилиши кераклигини чунки бундай иш дунёда ҳали қилинмаганини урғулади.
“Мен бу Мусҳаф Мадинаи Шарифда Покистон номидан намойиш қилинишини хоҳлайман”, - деди Насим Аҳтар.

 

back to top