Саудия Арабистони Исроилга имтиёз беришда давом этмоқда
Саудия Арабистони 70 йиллик тақиқдан сўнг Исроилга йўналган самолётлар учун ўз ҳаво майдонини очиб берди. Ар-Риёд Исроилни расман тан олмаган бўлса ҳам, кеча тунда Air India рейсининг Саудия Арабистонидан Тел-Авивга учиб ўтиши айрим таҳлилчиларнинг назарида ушбу икки мамлакат ўртасида муносабатларнинг илиқлашаётганига ишорадир.
«Бу тарихий тун. Исроил осмони Саудияники билан биргина ҳаво рейси орқали боғланди», дея воқеани эҳтирос билан шарҳлади Исроил транспорт вазири Йисраэл Кац. Бу ҳақида IslamNews сайти The Guardian нашрига таяниб хабар бермоқда. Ар-Риёд Исроил авиарейслари учун ҳаво майдонини очиб бергани ҳақида расман маълум қилмади ва бу мавзуни шарҳламади, аммо кеча Нью-Делидан Тел-Авивга учаётган самолёт 3 соат давомида Саудия осмони узра парвоз қилганини радарлар қайд этган.



