Tika Ўзбекистондаги муҳтожларга ногиронлик аравачалари совға қилди
Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) Ўзбекистондаги имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари топширди, дея хабар беради «Анадолу» агентлиги.
Тадбир TİKAнинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан Наврўз байрамига атаб ташкил этилди.
Аравачаларни топшириш маросимида Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмед Башар Шен, элчихона ходимлари, маҳаллий жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Меҳмонларга кўк сомса, ҳалим, сумалак ва палов каби анъанавий Наврўз таомлари тортилди.
Туркия элчиси Наврўз байрамида иштирок этаётганидан мамнунлигини ўзбек тилида изҳор қилди.
«Туркия ва Ўзбекистон аҳолиси – қардош халқлар. Бизнинг тилимиз, динимиз ва маданиятимиз бир. Наврўз бизнинг умумий байрамимиздир», деди элчи.
Шундан сўнг элчи жаноблари TİKA томонидан тақдим этилган аравачаларни ногиронларга топширди.



