Лондонда 500 та черков ёпилди ва 423 та масжид очилди
Your News Wire номли Британия конспирологик янгиликлар портали муаллифи Бакстер Дмитри ўзининг саҳифасида британиялик ўнгчилар томонидан «Лондонни судралиб исломлаштириш» деб номланган жараённинг ниҳоясига етгани ҳақида айтди.
Бугун Британия пойтахтида юзлаб шариат судлари расман фаолият юритмоқда, кўп асрлик машҳур черковлар ўрнида эса масжидлар ва намозхоналар очилмоқда. Балки шу сабабдан Лондонни бошқа кўплаб мусулмон мамлакатларига нисбатан ҳам исломийроқ шаҳар деб аташ мумкиндир.
Шунинг учун Мелани Филипс каби айрим журналистлар Британия пойтахтини «Лондонистон» деб атай бошладилар.
Муаллифнинг фикрича, 423 та янги масжидларга эга «Лондонистон» инглиз насронийлигининг мунгли вайроналари ўрнига қурилди, чунки кўплаб машҳур насроний черковлари масжидларга айлантирилди.
Гатстон институти (Англиядаги ўнг радикал марказ) маълумотларига кўра, «Хаятт бирлашган черкови» мисрлик мусулмонлар томонидан сотиб олинган ва энди масжидга айлантирилади. Авлиё Пётр черкови ўрнида Мадина номли масжид қад ростлаб турибди. Брик Лейндаги масжид эса собиқ методистлар черкови ўрнига қурилган.
Нафақат бинолар, балки одамлар ҳам ўзгармоқдалар. Исломни қабул қилган аҳоли сони икки баробарга ортган.
The Daily Mail нашри Лондон марказида бир-биридан бир неча метр масофада жойлашган черковлар ва масжидлар суратларини эълон қилди. 1230 диндор сиғадиган Авлиё Георгий черковига якшанба ибодати учун 12 киши келган. Санта-Мария черковига эса 20 киши. Айни пайтда қўшни Бруне-стритдаги масжидда бошқа муаммо кузатилмоқда: намозга келганларга жой етишмаяпти. Унинг кичик намозхонасига бор-йўғи 100 киши сиғади. Шу сабабли жума намози вақти одамлар кўчада намоз ўқийдилар. Бугунги аҳволни кузатиб, насронийлик Англияда шунчаки ёдгорликка айланиб бораётгани, Ислом эса келажак дини сифатида ривожланаётганини кўриш мумкин.
Турли тахминларга кўра, 2020 йилда Британида жума намозига борадиган мусулмонлар сони камида 683 000 кишини ташкил этиши, якшанба куни черковларга ибодат учун борадиган насронийлар сони эса 679 000 кишигача камайиши мумкин. Британиялик мусулмонларнинг қарийб ярми 25 ёшдан кичик, британиялик насронийларнинг чорак қисми эса ёши 65 дан катта инсонлардир. Бу яна 20 йилдан сўнг Британияда фаол мусулмонлар насронийлардан кўп бўлади деганидир.
2001 йилдан бери Лондондаги турли динларга оид 500 та черков хусусий биноларга айлантирилди. Айни пайтда Британияда масжидлар сони ортиб бормоқда. 2012 ва 2014 йиллар оралиғида ўзини англикан черковига дохил ҳисоблайдиган британияликлар сони 21 фоиздан 17 фоизгача, яъни 1,7 млн кишига қисқарди. Қизиғи шундаки, NatCen ижтимоий тадқиқотлар институти сўровномалари натижасига кўра, айни шу даврда мусулмонлар сони қарийб миллион кишига ортган.
Демографик жиҳатдан Британия тобора исломий қиёфа касб этиб бормоқда ва бу Бирмингем, Брэдфорд, Дерби, Дьюсбери, Лидс, Лестер, Ливерпуль, Лутон, Манчестер, Шеффилд, Уолтем Форест ва Гамлет Минораси каби жойларда айниқса сезиляпти. 2015 йил ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Англияда Муҳаммад энг кўп тарқалган исм экани аён бўлди.
Буюк Британиядаги катта шаҳарлар сон жиҳатдан салмоқли мусулмон жамоатларига эга: Манчестер (15,8%), Бирмингем (21,8%) ва Брэдфорд (24,7%). Бирмингемда боланинг мусулмон оилада дунёга келиши эҳтимоли насроний оилада дунёга келиш эҳтимолидан анча юқори. Брэдфорд ва Лестердаги болаларнинг ярми мусулмонлардир.
Мусулмонлар Британияда сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил этиши шарт эмас, улар энг муҳим шаҳарларни аста-секин исломлаштиришлари керак, холос. Бу жараён аллақачон бошланиб кетган. «Лондонистон» – кўп мусулмонлар жамланган даҳшатли жой эмас, балки маданий, демографик ва диний бир дурагайдирки, унда насронийлик камайиб, Ислом эса ривожланиб бормоқда.
Лондондаги шариат судлари
Лондонда расман 100 та шариат суди фаолият олиб боради. Ушбу параллел суд тизими Британиянинг арбитраж ҳақидаги қонуни ва баҳсларни муқобил равишда ечиш тизими туфайли юзага келди.
Британия ҳукумати шариат маҳкамаларидан фойдаланиш учун шароит яратишда давом этмоқда. Масалан, Британиянинг етакчи судьяларидан бири сэр Жеймс Мунби насронийлик судларга таъсир ўтказа олмаётганини, энди улар кўпмаданиятли, яъни исломий ҳам бўлиши лозимлигини айтган. Собиқ Кантрберий архиепископи Роуэн Уильямс ва бош судья лорд Филлипс ҳам Британия қонунчилиги шариат унсурларини қамраб олиши лозмилигини айтишган.
Бундан ташқари, Британиянинг Саудия Арабистонидаги элчиси Саймон Коллис Исломни қабул қилди ва Ҳаж амалини бажарди. Энди уни ҳожи Коллис деб атамоқдалар.
«Бу ёғига нима бўлади?» деган саволни қўяди муаллиф.



