Саудияда “Исломда фан ва технология” музейи очилади
Саудия Арабистони тарихида илк бор “Исломда фан ва технология” музейи очиладиган бўлди. Саудиянинг Туризм ва миллий меърос комиссияси томонидан берилган лицензияда янги музей Риёд шаҳридаги Имом Муҳаммад ибн Сауд университети ҳузурида ташкил этилиши назарда тутилган.
Комиссия эълон қилган баёнотга кўра, музей Германиянинг Франкфурт университетининг Араб ва Исломий фанлар тарихи институти билан ҳамкорликда ташкил этилиши ва янги музейни Қирол Салмон ибн Абдулазиз Ал-Сауд тантанали равишда очиб бериши назарда тутилган.
Туризм ва миллий меърос комиссиясининг мухандис директори Абдулазиз Ал-Ҳасан музей “қадимий осори-атиқалар, Саудия Арабистони Қироллигининг асрлар давомида шакилланган маданий меъросларидан ташкил топган тарихий дурдоналар” билан жиҳозланади.
Сўнгги пайтларда Саудия ҳукумати турли соҳалар, жумладан, туризмни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратмоқда.
Саудия Қироллигини дунё миқёсида туризм марказига айлантириш лойиҳаси учун ҳукумат ўтган йили 9.9 миллиард риёл ($ 2 миллиард 640 миллион) маблағ ажратган.



