Ҳиндистонлик профессор муслималарнинг номақбул либосларини танқид қилди
Ҳиндистоннинг Керала штатида бир профессор айрим муслималарнинг кийинишлари ҳақида сўзлади.
Кожикода шаҳридаги коллеж профессори Жавҳар Мунаввар қизларга ҳижоб ўраб туриб сипо кийинмаганликлари учун қаттиқ танбеҳ берган. Бу ҳақида
IslamNews сайти The News Minute нашрига таяниб маълум қилади.
«Мен 80 фоиз қиз болалар ўқийдиган коллеж ўқитувчисиман ва уларнинг аксари муслималар. Аммо нималар бўляпти? Улар бошларини рўмол билан бекитганлари ҳолда тор леггинслар кийиб оладилар. Ва бу леггинсларини кўз-кўз қилиш учун устки либосларининг этагини иложи борича юқори кўтаргилари келади. Бу кийинишда янгича услуб», деди профессор. «Рўмолларини шундай ўрайдиларки, кўкслари кўриниб туради. Аёлларнинг кўкси эркакларнинг эътиборини тортадиган тана қисмидир ва у рўмол билан пана қилиниши лозим. Аммо бу қизлар унинг бир қисмини очиқ қолдирадилар. Ахир, қовуннинг мазасини татиб кўриш учун ундан бир тилим есангиз кифоя эмасми?!»
Профессор Жавҳар бундай «қисқартирилган» ҳижоблар Ислом қонунларига зидлигини айтган.
Ижтимоий тармоқларда профессорнинг сўзлари секуляристлар томонидан ғазаб ва масхаралар нишонига айланди. Ҳатто Жавҳарга нисбатан очиқ таҳдидлар ҳам қилинди.