Исроиллик раввин қора танлиларни «маймунлар» деди
Исроилнинг бош раввинларидан бири ўтган ҳафта ирқчилик қилди, яъни қора танлиларни маймунларга тенглаштирди. Бу Исроил минглаб африкалик муҳожирларни оммавий кўчириб юбориш ҳақидаги ўта баҳсли режасини амалга оширишни бошлаётган бир пайтга тўғри келди.
Исроиллик сафард яҳудийлари (яъни Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги яҳудийлар) вакили бўлган Исхак Йосеф ўзининг ҳар ҳафта қиладиган анъанавий даъватларининг сўнггисида шундай деган: «Ҳар қандай негрга эмас, фақат оқ танли ота ва онадан туғилганларигагина оқ фотиҳа бериш керак. Бечоралар нима қилсин – боласи маймунга ўхшаб туғилган. Шунақа бўлиб қолибди-да».
Раввиннинг идорасидагилар унинг Талмуддан иқтибос келтиргани ва фақат таҳқирловчи бир терминни «маймун» сўзига алмаштирганини айтдилар.
Раввиннинг ирқчилик мазмунидаги ушбу сўзларига Анти-Диффамация лигаси жуда кескин муносабат билдирди. Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган ва антисемитизм ҳамда расизмга қарши курашувчи ташкилот Йосефнинг сўзларини «ирқчилик мазмунидаги айблов» деб баҳолади ва «буни умуман кечириб бўлмайди» деди.