Кемероводаги ёнғин пайти мусулмонлар кўплаб инсонларни қутқардилар
Кемероводаги «Зимняя вишня» савдо-кўнгилочар мажмуаси ходимларидан бўлган Маҳмуд Художаев ва Фарзон Салилов ёнғин пайтида ўнлаб одамларни қутқардилар, дея хабар беради LifeShot.
Дастлаб ҳеч ким фожианинг миқёсини тахмин қила олмаганди: тўртинчи қаватда ёнғин бошланган, иккинчисида фақат тутун пайдо бўлганди, аммо ёнғин жуда тез тарқалди.
Йигитлар савдо марказида ишлаётганларига эндигина икки ҳафта бўлганди. Улардан бири Маҳмуд Художаев хавфсизлик хизмати ходими, иккинчиси Фарзон Салилов эса иш бошқарувчи сифатида ишлаган.
«Биз одамларнинг иккинчи қават бўйлаб чопаётганини кўрдик ва ўзимиз ҳам савдо нуқтамизни тарк этишга қарор қилдик. Оломон тўпланганини кўргач, бўлимимиз орқали захира чиқиш эшигини очдик. Ҳамма ёқни тутун босгач, ўзимиз ҳам бинони тарк этдик «, дейди Салилов.
Ёнаётган бинодан чиқиб кетишга уринганлар орасида ёш болалар ва аравачали ногиронлар ҳам бор эди. Маҳмуд ва Фарзон ҳолдан тойгунча одамларни эвакуация қилишга ёрдамлашдилар.
Савдо марказининг хавфсизлик хизмати ходимлари улардан эшикларни тезроқ ёпиб, шошилинч равишда бинодан чиқиб кетишларини талаб қилишди. Шунгача уларнинг дўкони орқали кўплаб одамлар кўчага чиқишга улгурдилар. «Биз юқорига кўтарилмоқчи бўлдик, аммо бунинг имкони йўқ эди. Аччиқ тутун ҳамма ёқни босган, одамлар қичқириб қочардилар. Ёшлар ваҳима билан юқорига югурардилар, биз уларни тўхтатиб қолдик. Кимдир қичқирар, бошқалари қаерга қочишни билмай саросимада югуришарди», - дейди Салилов.
Маҳмуд Художаев ва Фарзон Салилов камида 50 кишининг ҳаётини сақлаб қолди, дея хабар беради Mash телеграм канали.



