Индуист радикаллар мусулмоннинг қотилига тож кийдирди
Ўзи дунёвий давлат деб ҳисоблайдиган Ҳиндистонда индуист мутаассиблар мусулмон озчиликка нисбатан ўз нафратларини очиқ намойиш этди.
Ҳиндистоннинг Рожастон штатида радикал индуистлар ўз худолари Рамнинг туғилган куни муносабати билан анъанавий ўтказиладиган байрам маршида илоҳ Рамнинг сурати ўрнига бир мусулмонни ваҳшийларча ўлдириб, видеотасвирини интернетга жойлаган маҳаллий фуқаро Шамбху Лала Регарнинг портретини кўтариб олдилар.
Регар мусулмонларга нафрати туфайли ушбу жиноятни содир этган ва буни тармоққа жойлаган видеотасвирда ҳам яширмаган, маҳаллий мутаассиб индуистлар эса бу иши учун уни қаҳрамон деб ҳисобламоқдалар. Ҳозирда 33 ёшли Регар қилмиши учун қамоқхонада.
Қотилнинг сурати билан ўтказилган намойиш Вишва Ҳинду Паришад ташкилоти томонидан ташкиллаштирилган, у эса ўз навбатида ҳукмрон Бхаратия Жаната партияси билан алоқадор, деб хабар беради Daily Pakistan нашри.
Бундан ташқари, намойишчилар Шамбҳу Лал жиноятни содир этганда кийиб олган оқ костюмни бир одамга кийдириб, уни бошқа индуизм худолари тасвири ёнига, тахтга ўтқазиб қўйдилар.
Ушбу хатти-ҳаракатлар акс этган видеокадрлар ижтимоий тармоқларда қаттиқ норозилик ва ғазабланишни келтириб чиқарди.



