ИТБ йиллик учрашувида ёшлар масаласи муҳокама этилмоқда
1 апрел куни Тунис пойтахти Тунис шаҳрида Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) 43-йиллик йиғилиши бошланди.
Учрашувда Банк президентининг илмий масалалар бўйича бош маслаҳатчиси Ҳаёт Синди хоним ёш авлодни матонатли қилиб тарбиялашга катта эътибор бериш кераклигини айтди.
“Биз ёшларни муваффақиятсизликка учрашдан қўрқмасликка, шунингдек, ўз ғояларини амалга оширишга уринишга, билим олишга ва бошлаган ишларини охирига етказишга ўргатишимиз лозим”, - дея баёнот берди.
Синди хоним барча инновациялар илдизи синаб, уриниб кўришга бўлган ишонч туйғусига бориб тақалишини баён қилди. У ижтимоий муаммоларни ҳал этишда илмга таяниш кераклигини алоҳида таъкидлади.
ИТБнинг беш кунлик йиллик йиғилишида ташкилотга аъзо 57 давлатдан келган юқори лавозимли ҳукумат расмийлари, молия, иқтисодиёт вазирлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.
ИТБ йиллик йиғилишидан ташқари 1 – 3 апрел кунги учрашувларда ташкилотга аъзо давлатларда аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш, кўзи ожизликнинг олдини олиш, барқарор тараққиёт, сувдан самарали фойдаланиш, глобал миқёсда ҳамкорлик ва Исломий заёмлар каби масалалар муҳокама қилиниши режаланган.