Саудия Қироли 178 европалик мусулмонни меҳмон сифатида Умрага таклиф қилди
Саудия Арабистони Қироли Салмон ибн Абдулазизнинг бу йилги меҳмонлари сифатида Умра зиёратчиларининг дастлабки гуруҳи 4 апрел куни муқаддас заминга боради. Буни Қиролнинг меҳмонлар дастури мутасаддиси, Саудиянинг Исломий масалалар бўйича вазири шайх Солиҳ Ал-Ашайх маълум қилди.
Унга кўра, Саудия Қиролининг таклифига кўра, Европадаги 15 давлатнинг 178 фуқароси Қирол ҳисобидан Умра зиёратини бажаради.
Ал-Ашайх меҳмонлар Австрия, Белгия, Британия, Венгрия, Германия, Голландия, Греция, Дания, Испания, Италия, Норвегия, Португалия, Швейцария, Финляндия ва Франция фуқаролари эканини билдирди.
Саудия Қироли ҳар йили ўз мамлакатида Ислом дини ва мусулмонларга сидқидилдан хизмат қилиб келган 1000 нафар мусулмонни Умра зиёратига ва пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Мадина шаҳридаги қабрларини зиёрат қилишга ўз ҳисобидан чақиради.
Саудия Газетаси хабарига кўра, Қирол яна 1000 нафар хорижлик мусулмонни Ҳажга ўзининг меҳмони сифатида таклиф қилади.
Бундан ташқари, Қирол 1000 нафар фаластинлик шаҳиднинг оила аъзоларини Саудия Қиролининг меҳмони сифатида Ҳаж зиёратига чақиртиради.