Оксфордда “Мусулмонларни жазолаш куни”га қарши норозилик намойиши ўтказилади

3 апрел “Мусулмонларни жазолаш куни”, деб номланган аноним мактуб Британия бўйлаб тарқатилганига қарши шу куни Оксфорд шаҳрида норозилик намойиши ўтказилади.

Оксфордмейл нашрига кўра, мусулмонлар билан бирдамлик рамзи сифатида одамлар 3 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 17:30да (Тошк. 21:30 Таҳр.) Манзил Вей кўчасига йиғилишга даъват қилинган.
“Мусулмонларни жазолаш куни”, деб номланган мактубда маҳаллий аҳоли мусулмонларга қарши ҳар қандай кўринишда, яъни, сўз орқали, муслималарнинг бошидаги рўмоли ёки ҳижобини тортиб ечиш, жисмоний ҳужум ёки уларнинг юзига кислота сепиб тажовуз қилишга даъват этилган.
Зўравонликка чақирилган мактубда мусулмонларга қарши тажовузлар турига қараб баллар билан баҳоланган.
Нафрат мактубини олганлар қурол, пичоқ, автоулов ёки бошқа воситалардан фойдаланиб мусулмонларни ўлдиришга ёки масжидларга бомба ҳужумлари уюштириш ёҳуд масжидларга ўт қўйишга даъват қилинган.
Ғаразли ниятда тарқатилган нафрат мактуби Оксфорд шаҳри ва Британия бўйлаб чуқур ҳавотир уйғотган.
Британиянинг терроризмга қарши кураш полицияси мусулмонларга қарши зўравонлик уюштиришга даъват қилувчи мактуб мамлакат аҳолисига электрон ахборот воситалари орқали тарқатгани юзасидан текширув олиб бормоқда.
“Ушбу ғаразли мактубни тарқатиш кампанияси мусулмонларга қарши кучайиб бораётган нафратга йўғрилган бўлиб, асосан мусулмон аёллар нишонга айланмоқда. Биз исломафобия, анти-семитизм ва ирқчиликка қарши елкама-елка турибмиз ва бошқаларни ҳам сафимизга қўшилишга чақирамиз”, - дейилади Оксфордмейл нашрида чоп этилган хабарда.

back to top