Мусулмон ва яҳудий Берлинда фашистлар бузган синагогани қайта қурмоқчи
Келиб чиқиши фаластинлик бўлган германиялик сиёсатчи ва Берлиндаги яҳудий жамоаси раиси 1938 йилда фашистлар бузиб ташлаган синагогани қайта қуришни режаламоқда.
Вашингтон Пост газетаси маълумотига кўра, Раед Солиҳ ва Гидеон Жоффе янги синагога қуриш учун етарли миқдорда пул тўплай олишларига умид қилмоқда.
Янги синагога Креузберг минтақасида яшайдиган яҳудийлар учун жамоа маркази сифатида хизмат қилиши мумкин. Ҳозир Креузбергда Яқин Шарқ минтақасидан келган кўплаб мусулмонлар истиқомат қилади.
“Агар мен она шаҳрим Берлиндаги яҳудийларни қўллаб-қувватламасам, мен яхши мусулмон бўлмайман. Мусулмон аёлнинг бошидаги ҳижобини кимдир юлиб олаётганини кўрган насроний воқеага аралашмаса, у ҳам яхши насроний бўлмайди”, - дейди Раед Солиҳ.
Жоффе янги синагог Берлин шаҳрида қолаверса, бутун Германияда анти-семитизмга қарши курашиш йўлида ҳам хизмат қилишини айтди.
“Бизнинг аъзоларимиз ўзларининг яҳудий эканини кўрсатишга қўрқадилар. Улар каллапўш кийишмайди. Улар Довуднинг Юлдуз нишонини тақишмайди. Улар уни беркитишади. Шу боис, бизнингча, бу каби бинони қайта қуриш муҳимдир”, - дейди Берлиндаги яҳудий жамоаси раиси. Янги синагога қуриш лойиҳаси қиймати 31 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилмоқда. Нашрга кўра, ҳозирча мазкур лойиҳа учун маблағ етарли эмас. Аммо Солиҳ ва Жоффе шаҳар ҳокимияти, жамғармалар ва хусусий донорларни жалб этишни мақсад қилган.