Татаристон мусулмонлари бир кунлик маошини кемероволикларга жўнатди
Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси (ТР) Мусулмонлари идораси ходимлари ўзларининг бир кунлик иш ҳақини Кемерово шаҳридаги савдо марказида содир бўлган ёнғин пайтида азият чеккан одамларга ёрдам тариқасида бериш ҳақида қарор қабул қилди.
“ТР Мусулмонлари идораси жамоаси, шунингдек, ташкилотнинг “Вақф” жамғармаси, “Ҳузур” нашриёти, “Ҳалол” стандарти қўмитаси, “Ҳаж” каби идоралари ходимлари ўзларининг бир кунлик маошларини Кемерово шаҳрида рўй берган фожиада нобуд бўлганлар яқинлари ва жабрланганлар ҳисобига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди”, - дейилади Татаристон Мусулмонлари идораси чиқарган баёнотда.
Татаристон Мусулмонлари идораси шундай амал билан “Закот” ҳайрия ташкилотининг ёнғин қурбонларига ёрдам маблағи йиғиш тадбирида иштирок этди.
25 март куни Кемерово шаҳридаги тўрт қаватли савдо маркази биносида содир бўлган ёнғин оқибатида 64 киши нобуд бўлган. Қурбонларнинг аксарини болалар ташкил этади.