Ўқитувчилар ҳижобни «оммавий қирғин қуроли» деб билган амалдорни қораладилар
Британиядаги мактаб ўқитувчилари Таълим соҳасидаги стандартлар бошқармаси (Ofsted) раҳбари Аманда Шпилманни Лондондаги бошланғич мактаблардан бирида ҳижобни тақиқлаш тарафдори бўлгани учун қораладилар.
Бу ҳақида The Independent нашри хабар беради. Ҳижобни «оммавий қирғин қуроли» деган амалдор аёл ўқувчи қизлар билан суҳбат ўтказиб, рўмолни ўз хоҳиши билан ўраётганларини аниқлаштириш кераклиги ҳақида гапирган. Бундан норози бўлган ўқитувчилар Шпилманни исломофобия ва расизмда айбладилар. Педагогларнинг фикрича, ҳукумат органи вакилининг сўзлари туфайли муслималарга ҳужумлар кўпайиши мумкин, чунки Ofsted раҳбари ҳижобли қизларни «радикал экстремистлар» сифатида кўрсатди. Шунингдек, улар номаълум шахс томонидан 3 апрель куни ўтказилиши режалаштирилаётган “мусулмонларни жазолаш куни”ни ҳам қораладилар. Ушбу фитна ҳақида бундан уч ҳафта олдин Лондонда ва қиролликнинг бошқа қатор шаҳарларида тарқатилган махсус китобчалар орқали оммага маълум қилинган эди. Китобчада муаллифлар оммани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳужум қилишга даъват этганлар.
IslamNews