Боғдодда халқаро китоб кўргазмаси
Боғдодда узоқ йиллардан сўнг биринчи марта халқаро китоб кўргазмаси очилди, у 8 апрелгача давом этади.
10 кунлик кўргазма «Биз ривожланиш учун ўқиймиз» номли Боғдод халқаро ярмаркаси доирасида ўтказилмоқда.
Кўргазмага Ироқ вазирлар кенгаши котиби Маҳдий ал-Аллақ ҳам келди, у бош вазир Ҳайдар Ал-Абадий номидан тадбирни очиб берди.
«Боғдоддаги халқаро китоб кўргазмаси Ироқ интеллектуалларининг бошқа фанлар ва маданиятларга ошно бўлиши учун очилган дарчаси бўлиб, алалоқибат, булар Ироқнинг порлоқ келажагини яратувчи илғор ёшларни тарбиялашга хизмат қилади», деди Маҳдий Ал-Аллақ.
Шунингдек, вазир ушбу кўргазма «Ироқнинг терроризм ва экстремизм билан курашининг бир қисми» эканини алоҳида таъкидлади. Чунки терроризм билан кураш оддий уруш эмас, ғоявий уруш ҳамдир.
«Кўргазма жамиятга тинчлик ва тинчликсеварлик ғояларини ёяди. У Ироқда ҳаёт барқарорлашгани ва изига тушгани, Ироқ маданияти эса бошқа маданиятлар билан алоқаларини тиклаётгани белгисидир», деди Боғдоддаги тадбирнинг бош директори Аҳмад Ар-Розий.
Ушбу кўргазма тарихи 1978 йилга бориб тақалади. Бу йилги кўргазма унинг тарихида энг каттаси бўлди. Тадбирда жаҳоннинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 600 дан ортиқ нашриёт иштирок этди.
Кўргазма ИШИД устидан ғалаба қозонилгач, илк марта ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятли. Бу йилги тадбир Боғдод ҳамон Ироқнинг маданият ва илм маркази эканини кўрсатди.