Ислом маърифатини тарқатишда дин ходимларининг ўрни
Бугун, 1439 йил ражаб ойининг 19 кунида Ўзбекистон Ислом академиясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил қилинган «Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва Ислом дини маърифатини тарқатишда диний соҳа ходимларининг ўрни» мавзусида илмий-ўқув семинар бўлиб ўтди. Мусулмонлар идораси томонидан илк бор видеоселектор тарзида ташкил қилинган ушбу илмий анжуманга юртимизда дин соҳасида хизмат қилаётган уч мингдан зиёд киши – муфтийлар, қозилар, имом-хатиблар, мударрислар, ноширлар, масжид ходимлари ва бошқа кўплаб биродарларимиз ҳозир бўлдилар.
Анжуман эзгу ниятлар билан Қуръони Карим тиловати ҳамда хайрли дуолар билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари анжуманни очиқ деб эълон қилиб, табрикдан сўнг «Ислом дини маърифатини тарқатишда диний соҳа ходимларининг долзарб вазифалари» деган мавзуда маъруза қилдилар.
Сўнгра Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Ислом академияси ректори Неъматулло Иброҳимов «Ўзбекистон Ислом академиясининг ташкил этилиши –юртимизда диний таълим соҳасидаги ислоҳотлар маҳсули» мавзусида нутқ сўзладилар.
Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров ҳам юртимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида, жумладан, ушбу ислоҳотларнинг маҳсули ўлароқ, буюк аждодларимиздан мерос бўлиб қолган минглаб нодир қўлёзмаларимизни ватанга қайтариш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб бердилар.
Навбатдаги маъруза «XX аср ўзбек адабиётида исломий мавзулар» ҳақида бўлиб, унда филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ислом академияси профессори Умарали Норматов шукрона ҳисларига тўлиб-тошиб, адабиётимизнинг ўтмиши, кечаги куни ҳамда бугуни ҳақида ҳаяжон билан гапирдилар.
Шундан сўнг сўз навбати динимизнинг таълимотларини тарқатишда дин пешволарига камарбаста бўлиб келаётган адибимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликка берилди. Устоз адиб «Жаҳолатга қарши кураш жабҳасида зиёлиларнинг, хусусан, бадиий адабиётнинг ўрни» деган долзарб мавзудаги ўз фикр-муносабатларини билдирдилар, зиёлиларнинг, бадиий ижод аҳлининг фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида куюниб сўзладилар.
«Диний журналистиканинг шаклланиши» мавзусидаги сўнгги маъруза муаллифи, Ўзбекистон Ислом академияси кафедра мудири, «Ислом тафаккури» журнали муҳаррири Хуршид Дўстмуҳаммад бу муҳим соҳанинг қисқача тарихи ва бугунги ҳолати ҳақида сўзлаб, янги таъсис қилинган «Ислом тафаккури» журнали ҳам юртимизда чоп қилиб келинаётган бошқа исломий даврий матбуот нашрлари каби ўз ўқувчиларини топишига умид ва ишонч билдирдилар, журнал таҳририяти ҳамкорлик қилиш истагидаги барча юртдошларимиз учун очиқ эканини эълон қилдилар.
Анжуман сўнгида уни видеоселектор орқали кузатиб турган вилоят имом-хатибларига сўз берилди.
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонкулов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов ҳамда Андижон вилояти бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаровлар бугунги инновацион давра суҳбатининг барча ташкилотчиларига, хусусан, муфтий ҳазратларига миннатдорчилик билдириб, ўз вилоятларида диний ва ижтимоий соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида қисқача ҳисобот бердилар, бу каби видеоселектор тарзидаги анжуманлари мунтазам равишда ўтказиб бориш бўйича таклифлар бердилар ҳамда бугунги имкониятларни ғанимат билиб, бу неъматларнинг шукрини адо қилиш ҳар биримизнинг, ҳар бир дин ходимининг биринчи галдаги вазифаси эканини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари анжуманга қисқача хулоса ясаб, барча иштирокчиларга ташаккур изҳор қилдилар ҳамда хайрли дуолар билан бугунги илмий-ўқув семинарга якун ясаб бердилар.