Исроилда имомни отиб кетишди
Кеча Исроилда номаълум шахслар масжид эшиги тагида имомни отиб кетишди. Шайх Муҳаммад Саъд Исроилнинг араблар яшайдиган Умм ул-Фаҳм шаҳридаги масжидга бомдод намозини адо этиш учун кетаётган эди. «Ат-Тавҳид» мавжиди эшиги тагида унга бир неча марта ўқ узишган.
Маҳаллий ОАВларнинг маълум қилишича, ҳодиса жойига етиб келган тез ёрдам машинаси имомга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган. Шифокорлар уни шифохонага олиб кетмоқчи эдилар, аммо олинган жароҳатлар оғирлиги сабабли имом Саъд кўп қон йўқотишдан ҳалок бўлди.
Ҳуқуқ-тартибот органларининг маълумотига кўра, имомга аввал ҳеч ким таҳдид қилмаган. Аммо Умм ул-Фатҳада сўнгги пайтлар ўқотар қуроллар воситасида жиноятлар содир этиш кўпайган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг сўзларига кўра, полиция шаҳардаги жиноятчиликни камайтириш учун зарур чораларни кўрмаяпти.
«Агар яҳудийни отиб кетишганида, ҳаммаси бошқача бўларди», дейди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти директори Жафар Фараҳ. «Дарров ҳибсга олишлар, кескин баёнотлар бошланиб кетар, жиноят қидирув ишлари ҳам жадал олиб бориларди. Ҳозир полиция нимани кутаётганини тушунмаяпман», дея норозилигини ифодалайди Фараҳ.