Дубайда чиқиндилардан уйлар қурилади
Дубай муниципалитети чиқиндилардан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳақидаги режаларини ошкор қилди.
Ташкилот чиқиндиларни сунъий ақл томонидан саралаб, қайта ишлашни кўзда тутувчи янги лойиҳани амалга оширишни бошлади. Унда 2030 йилгача ҳамма чиқиндихоналарни чиқиндидан буткул тозалаш режалаштирилган.
Лойиҳага кўра бинолар ва аҳоли яшаш ҳудудларида чиқиндиларни қайта ишлашни ўша жойнинг ўзида амалга ошириш имконини берувчи тизимлар ўрнатилади. Махсус контейнерларда чиқиндилар юқори ҳарорат таъсирида қизитилади, натижада уларнинг кимёвий таркиби парчаланади, бу жараёнда энергия ҳам ишлаб чиқарилади.
Контейнерлар, шунингдек, 17,5 тонна фойдали кул ҳам беради, уни экологик тоза хом ашё сифатида қурилиш жараёнида ишлатиш мумкин.
Лойиҳа 2018 йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилади.
Ҳозирги кунда Амирликлар ҳудудида ҳар йили 3,5 миллион тонна чиқинди йиғилиб қолади, полигонлар учун эса 7,5 минг кв. метр майдон ажратилган. Шунингдек, Дубайда 3850 та чиқинди ташувчи машиналар ҳам мавжуд ва уларнинг фаолияти шаҳар ҳокимияти учун йилига 626 минг долларга тушяпти.