Муҳаммад Салоҳ ким ўзи?
«Дунёнинг етти мўъжизаси» деган гапни эшитган бўлсангиз керак. Шулардан бири Мисрдаги қадимий Гиза эҳромлари эди. Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги алғов-далғов замона энди Мисрдаги мўъжиза яна биттага кўпайди. Бири тарихий Гиза бўлса, иккинчиси афсонавий футболчи Муҳаммад Салоҳ бўлди.
«Ливерпуль» деган команда ўйнаган пайтда Қоҳирадаги қайси кафега кирманг – икки соат давомида халқ бирлашади ва атрофдаги барча даҳшатларни унутади».
Муҳаммад Салоҳ Ҳамид Ғолий.
1992 йил 15 июн куни Искандария яқинидаги Нариг деган қишлоқда туғилган.
Уйдаги эски оқ-қора телевизорда камдан-кам ҳолатларда олиб берилган ўйинларда Роналдо, Тотти, Зидан каби футбол юлдузларининг ўйинидан кўз уза олмай юрган Салоҳ ўзининг севимли машғулоти билан 7 ёшга тўлгандагина шуғуллана бошлади. Қишлоқда футбол тўпи бўлмаганлиги учун дўстлари билан кўпчиликка таниш усул — пайпоқдан тўп ясаб, футбол ўйнар эди.
Ҳозир эса Салоҳ футбол осмонининг энг ёрқин юлдузларидан бирига айланиб улгурди, «Ливерпуль»нинг ишонган тоғларидан бирига айланди, инглизчани ўрганди. Ҳозир у ҳафтасига 100 минг фунт стерлинг маош олади. Энди қашшоқликда ўтган болалиги, Қоҳирага бориш учун соатлаб йўл юришлари фақат хотираларда қолди.
Муҳаммад Салоҳнинг айтишича, унинг инглиз тилидаги энг севимли сўзи «Love» (Севги) экан. Тўғри, ҳозир у миллионлаб футбол мухлисларининг чинакам муҳаббатини қозона олди.
2017 йил ноябрда Салоҳ Миср терма жамоаси сафида Конгога қарши ўйинда иккита гол уриб, (ўйинда ҳисоб 2:1 бўлган) Мисрнинг Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧга боришини таъминлади. Буни қарангки, шу кечаси унинг уйига ўғри тушиб, шип-шийдам қилиб кетди. Салоҳнинг отаси эса судга ариза берди. Орадан бир неча кун ўтиб, жиноятчи топилди ва ҳибсга олинди. Аммо Салоҳнинг унга муносабати ҳамма учун кутилмаган ҳол бўлди. У ўғрига нисбатан қўйилган даъводан воз кечди, ўғри билан ўзи учрашди, унга пул бериб, яна иш топишига ҳам ёрдам берди. Ўша ўғри бу ишончни оқлай олмаган тақдирда ҳам, Салоҳ унга энг катта нарсани – имкониятни тақдим этди.
Терма жамоанинг ЖЧга чиққанидан қаттиқ қувонган мисрлик ишбилармон Мамдуҳ Аббос деган одам Салоҳга ҳашаматли вилла совға қилишни хоҳлаб қолди. У Салоҳга исталган куни бориб, ўша уйни бир айланиб чиқасан, ёқса бўлди, уй сенга совға деди. Бироқ Муҳаммад Салоҳ бу таклифни рад қилди. У Аббосга «Агар мени хурсанд қилмоқчи бўлсангиз, Нариг қишлоғимни ривожлантириш учун пул ажратинг», деди. Салоҳ жонажон қишлоғи учун кўп қайғуради, унинг ривожланиши учун ўзи ҳам кўп хайр-эҳсон қилиб туради. Лекин фақат пул билан чегараланиб қолмай, балки мактаб, ёпиқ футбол майдони қуриб, спорт зали учун ускуналар ҳам сотиб олди. Қишлоқ оқсоқоли ундан чексиз миннатдор. «Салоҳ қишлоғимизни жаҳон харитасида қайд этибгина қолмай, балки унинг ривожи учун пул ҳам беряпти. У Базиун касалхонасига вентиляцияли хона, дори-дармонлар ва тез тиббий ёрдам машинаси учун эҳсон қилди», дейди қишлоқ раҳбари Моҳир Шетия.
Шунингдек, Салоҳ оила қураётган ёш келин-куёвларга ҳам ёрдам кўрсатиб келяпти.
Салоҳ Наригга тез-тез келиб туради. «У ҳар Рамазонда учиб келиб, болаларга совғалар улашади. Келиши билан ҳеч кимнинг кўнглини қолдирмай, ҳаммага дастхат беради, суратга тушади. У болаликда ҳам шундай эди, ҳозир ҳам ҳеч ўзгармаган», дейди унинг болаликдаги дўсти Басюний.
Oil Field Index Podcasts кўрсатуви бошловчиси Ҳотам Кадус шундай дейди: «Салоҳга ҳеч бир сиёсатчи қила олмаган иш – Яқин Шарқни бирлаштириш насиб этди. Марокашликлар, тунисликлар, саудияликлар, қувайтликлар, уммонлик ва амирликларнинг барчаси унинг исми туширилган футболкани излайди. У 90 миллионлик Миср халқига умид бермоқда. Бизда жиддий иқтисодий муаммолар бор, деярли ҳар ҳафта террористик ҳужумлар бўлиб турибди. Салоҳ эса инсонларни қўллаб-қувватламоқда, уларга умид бахш этмоқда.
Муҳаммад Салоҳ 2013 йилда уйланади. Кейинги йили унинг оиласида чақалоқ йиғиси янграй бошлади. Бахтиёр ота Маккаи Мукарраманинг шарафига қизалоғига Макка деб исм қўйди.
Қаҳрамонимизнинг бугунги кундаги улкан ютуқларидан ташқари, яна бир қатор муваффақиятларини ҳам эътироф этиб ўтишни лозим топдик:
Муҳаммад Салоҳ 2013 йили «Базель» клуби сафида Швейцария чемпиони, 2015 йилда «Челси» сафида «Премьер лига» ва «Англия лига кубоги» соҳиби бўлган, 2017 йилда эса Миср терма жамоа сафида «Африка миллатлари кубоги»да ғалаба қозониб, олтин медаллар билан тақдирланган.
Шахсий ютуқлари:
2012 йилда «Африкада йил иқтидори»;
2013 йилда «Швейцария суперлигаси»нинг энг яхши футболчиси;
2017 йилда BBC талқини бўйича африкалик энг яхши ўйинчи;
2017 йилда «Араб миллатига мансуб энг яхши ўйинчи»;
2017 йилда «Африканинг энг яхши футболчиси».
Одатда бойлик ва шуҳрат кўпчиликни ғурурга кетказади. Аммо дунёда бу ҳақда ҳеч нарса билмайдиган камида битта одам бор... У – мусулмон халқларининг ифтихори бўлмиш Муҳаммад Салоҳдир!
Бу мавсумда «Ливерпуль» клуби қандайдир соврин ютса, Салоҳ «Олтин бутса» соҳиби бўлса, Миср термаси ЖЧда сенсация қайд этса ва йил охирида «Олтин тўп»ни яна Рональдо ёки Месси илиб кетса, мен футболдан рози эмасман.
Муҳаммад Салоҳга «Олтин тўп»ни олган биринчи араб футболчиси бўлишни тилаб қоламиз.