Ню Йорк: Полициянинг мусулмонларни ноқонуний кузатгани $ 1 миллиондан қимматга тушди
Ню Йорк шаҳар полиция бошқармаси Ню Жерси штатида яшовчи бир гуруҳ мусулмон 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин полиция ходимлари томонидан ноқонуний кузатувга олингани ҳақидаги судга берган даъво аризаси юзасидан келишувга эришди.
Полиция ходимлари ҳеч қандай ножўя иш қилмаганини таъкидлаган ҳолда 11 нафар даъвогар мусулмонга умумий миқдорда 75.000 доллар пул тўлашга рози бўлди.
Маҳкама ҳужжатларига таяниб нуфузли нашрларнинг билдиришича, Ню Жерси штатидаги полиция ходимлари 20та масжид, 14та ресторан, 11та чакана савдо дўкони, иккита мактаб ва иккита мусулмон талабалар уюшмасини ноқонуний тарзда мунтазам кузатган.
Шунингдек, полиция ходимлари шубҳали деб ҳисоблаган мусулмонларни турли кўринишда ноқонуний кузатишда давом этган.
Мусулмон адвокатлар ва Конституциявий ҳуқуқлар маркази кузатув остида бўлган мусулмонлар номидан полиция бошқармасини 2012 йилда маҳкамага тортган.
Даъвогар мусулмонлар ва полиция бошқармаси ўртасида эришилган келишувда маҳкама жараёнида қатнашган адвокатлар ва бошқа тўловлар учун полиция бошқармаси шаҳар ҳокимиятига 950.000 доллар пул тўлаши ҳам назарда тутилган.