Трампга дастак бўлган мусулмонларга қарши рекламани молиялаштирган миллионер фош бўлди

АҚШдаги оммавий ахборот воситалари 2016 йилги президентлик сайлови арафасида иккиланиб турган сайловчиларни Доналд Трамп томонига оғдириш учун радикал ислом дунёни забт этаётгани бонг урилган видеорекламалар тайёрлаган ширкатни миллионер Роберт Мерсер молиялаштиргани фош бўлди.

“Франция Исломий давлатига хуш келибсиз” деб номланган видерекламада Эйфил минораси устига Ой ўрнатилгани, Ноттердам черкови масжидга айлантирилгани, машҳур Мона Лиза портретида бурқадаги аёл акс этган.
“Германия Исломий давлати”, “Америка Исломий давлати” деб номланган видеорекламаларда ҳам бу давлатларни мусулмонлар эгаллаб, шариат қонунлари асосида бошқараётгани тасвирланган.
Мазкур видеороликлар АҚШда президентлик сайловига саноқли кунлар қолганда Google ва Facebook ижтимоий тармоқлари орқали “Американи ҳозир ҳимоя қилинг” гуруҳи оммага тарқатган.
Карбонейтед ТВ маълумотига кўра, бундан қўзланган мақсад базан демократик партия, базан республикачилар партияси номзодига овоз бериб келган Невада ва Шимолий Каролина штатидаги сайловчилар кўнглига саросима солиб,. уларни Доналд Трамп номзоди учун овоз беришга мажбур қилиш бўлган.
Responsive Politics маркази қўлга киритган солиқ ҳужжатларида президентлик сайлови арафасида ижтимоий тармоқларда тарқатилган мусулмонларга қарши видеорекламаларни тайёрлаган гуруҳга учта донордан пул келиб тушгани, энг кўп пулни, яъни, 2 миллион долларни Роберт Мерсер бергани қайд этилган.
Нашрга кўра, Доналд Трамп Оқ Уй хўжайини бўлиши учун миллионер Мерсер бир неча миллион доллар пул сарфлаган.
“Американи ҳозир ҳимоя қилинг” гуруҳи олиб борган кампанияга Роберт Мерсернинг алоқадор экани маълум бўлганидан сўнг Америка-Ислом муносабатлари кенгаши (CAIR) Федерал сайлов комиссияси ҳамда Солиқ (IRS) идорасини видеореклама тайёрлаган гуруҳ ҳужжатларини текширишга чақирди.
“Гарчи ушбу мутаассиб рекламаларда президентликка даъвогарлардан бирортасининг исми айтилмаган бўлса-да, қайси номзоднинг сайловолди дастури мусулмонларга қарши қаратилиб, омма қалбида қўрқув уйғотишга асослангани кундек равшан. Биз Федерал сайлов комиссияси ва Солиқ идорасидан ушбу махфий рекламалар Федерал сайлов ва солиқ қонунларини бузган ёки бузмагани юзасидан текширув ўтказишга чақирамиз”, - дейди Америка-Ислом муносабатлари кенгаши директори Ниҳад Авад.

back to top