Шарқий Ғута болалари мева нималигини билмайди

Шарқий Ғутадан эвакуация қилинган сурияликлар қамалдаги шаҳарда кечирган кунларини ҳикоя қиладилар.

Дамашқ яқинидаги Шарқий Ғутани мажбуран тарк этган ва Идлиб вилоятига кўчирилган сурияликлар «Анадолу» агентлигига бошдан кечирганларини сўзлаб бердилар.
Уларнинг айтишича, очлик қаттиқ бўлган, болалар узоқ ойлар давомида мева ва сабзавот ейишмаган.
19 февраль куни Башар Асад армияси Шарқий Ғутага ҳужум бошлагач, аҳвол айниқса оғирлашган. Отишмалар ва авиазарбалар натижасида юзлаб тинч аҳоли вакллари ҳалок бўлди.
Тирик қолганлар мамлакат шимолига кўчирилиш талабини қабул қилдилар. Эвакуация жараёнига Россия кафил бўлди.
Шарқий Ғутада яшовчи аёл Инас Ҳоважа «Анадолу» агентлиги билан суҳбатда ҳомиладорлик пайти озиқ-овқат танқислиги туфайли боласи нуқсон билан туғилганини айтди.
«Болам яхши ривожланмаган, бир кўзи иккинчисидан кичикроқ. Шифокорлар юрак нуқсони борлигини аниқлашди. Ҳаммаси очликдан», дейди суриялик аёл.
«Шифокорлар бола иккимиз даволанишимиз кераклигини айтишганди, аммо қамал ҳолатида бунинг иложи бўлмади. Белгиланган ҳудудга яқинлашсангиз, Асад армияси ўт очарди. Мен Ғутадан чиқиб кетишни уч кун кутдим. Шифокорлар бомбалар ёмғири остида қандай қилиб шифохонага эсон-омон етиб келганимдан ҳайратланишди. Лекин бошқа иложим йўқ эди. Ейишга ҳеч нима қолмаганди. Эрим кунига 500 Сурия лираси оларди, бир шиша сут эса 12 минг лира туради», дея ҳикоя қилади суриялик аёл.
«Чақалоғим Хаммурия туманидаги шифохонада ётарди. Уни кўргани борганимда, мени таниди ва кулди. Эртасига эса у нобуд бўлди», деди аёл.
Суриялик Умар Абдулкарим фермерлик қилгани, аммо болаларини боқа олмаганини айтди. Фронт чизиғидан 200 метр нарида бўлган ер майдонига ишлов бериш учун пул керак эди. «Тиланчилик қилишга мажбур бўлдим», дейди Абдулкарим. Унинг сўзларига кўра, Шарқий Ғутадаги аксар болалар мева ё сабзавот нималигини билмайди.

back to top