Депутатлар ва полициячилар мусулмонларга «севги изҳор қилишди»

Англиянинг Дарлингтон шаҳрида маҳаллий аҳоли исломофоблар ва миллатчилар томонидан эълон қилинган «Мусулмонларни жазолаш куни» акциясига қаршилик ўлароқ ҳамжиҳатлик ва бирдамлик тадбирини ўтказдилар.

Жумладан, Дарлингтонда яшовчи Санжана Мия маҳаллий қаҳвахонада «Мусулмонни сев» номли тадбир уюштирди.
Тадбирда шаҳарнинг парламентдаги вакили Женни Чапман, округ полицияси комиссари Рон Хогг, маҳаллий полиция ходимлари ва шаҳарликлар иштирок этдилар, деб хабар беради The Northern Echo.
«Мен қўрқув ва ғазаб бизни парчалай олмаслигини кўрсатишга қарор қилдим», дейди Мия.
«Бизни қўллаб-қувватлаш учун қаҳвахонага келган кўплаб шаҳарликлар қувончимизга сабаб бўлишди».
Дарлингтон полицияси инспектори Крис Нокс «Мусулмонларни жазолаш куни» муваффақиятсизликка учраганини, 3 апрелда шаҳарда исломофоблик ортидан ҳеч қандай жиноят қайд этилмаганини айтди.
«Тадбир «Мусулмонларни жазолаш куни»га тамоман зид тарзда жуда кўтаринки руҳда ўтди», дейди Санжана.

back to top