Ирландияда мусулмонларга қарши варақалар тарқатганлар қидирилмоқда
Ирландия полицияси Белфаст шаҳрининг Равенҳилл мавзесидаги хонадонлар почта қутиларига Ислом динига ва мусулмонларга қарши варақалар ташлаб кетган шахсларни изламоқда.
Ғаразли мақсадда тайёрланган варақалар ҳафта бошида ўзини “Спарта авлоди” деб эълон қилган гуруҳ томонидан тарқатилгани тахмин қилинмоқда.
Irishnews нашри хабарига кўра, варақада маҳаллий аҳоли гуруҳ иддао қилган исломлаштириш жараёнига қаршилик кўрсатишга даъват этилган.
Полициянинг катта инспектори Дэйвид Мур полиция ходимлари бу воқеани нафрат уйғотишга уриниш деб таснифлаганини билдирди.
Белфаст Исломий маркази вакили Васиф Насим бу воқеага масъул бўлганларни, жамоатчилик орасида ваҳима уйғотишга уриниш йўлида уйида варақа тайёрлаб тарқатган жуда кичик гуруҳ деб атади.
Парламент аъзоси Эмма Литтл-Пенгелли ва депутат Кристофер Сталфорд варақа тарқатганларни кескин қоралади.
Шин Фейн партияси аъзоси Мартин О Мюллер ўз партияси нафрат асосидаги бундай ҳаракатни бир овоздан қоралашини таъкидлади.
Яшиллар партияси аъзоси Клара Бейлей мусулмонларга қарши нафрат варақасини тарқатишдан мақсад аҳоли тинчини бузишдан иборат бўлганини урғулади.



