Украинадаги масжидга хоч расми чизиб кетилди
Вандаллар Украина мусулмонлари уюшмаси (УМУ) томонидан Чернигов шаҳрида ижарага олинган бинонинг деворларига хоч суратларини чизиб кетдилар. Бу ҳақида «Крым. Реалии» нашри УМУнинг Чернигов бўлими раҳбари Абдулла Коломиецга таяниб маълумот тарқатган. Унинг сўзларига кўра, хочдан ташқари номаълум шахслар намозхона эшигига Исо Масиҳ ҳамда Биби Марям акси туширилган суратни ҳам ёпиштириб кетишган.
Имом бу иш диний низо чиқариш мақсадида амалга оширилганини таъкидламоқда.
«Кимдир турли диндаги инсонларни бир-бирига қарши қайрамоқчи... Биз махсус органлар бу иш билан шуғулланишини, ўз вазифаларини бажаришини ва бундай жиноятлар энди такрорланмаслигини истардик», деди имом.



