Асад тузуми Шарқий Ғутага ҳеч кимни киритмаяпти
БМТ Суриядаги қамал қилинган Дума ҳудуди аҳолисининг аҳволидан ташвишда.
Башар Асад тузуми ҳамон ўзи қамалда ушлаб турган Шарқий Ғутага БМТ инсонпарварлик ёрдамини киритмади. Бу ҳақида Женевада БМТ Олий комиссарининг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси вакили Андрей Махечич маълум қилди.
БМТ, жумладан, қамалдаги Шарқий Ғутанинг Дума туманида яшовчи ўн минглаб аҳолининг аҳволидан ташвишда, деди ташкилот вакили.
«Тахминимизча, сўнгги тўрт ҳафтада Шарқий Ғутани 133 минг киши тарк этди. 45 минг аҳоли эса ҳамон Дамашқ яқинидаги ушбу шаҳарда яшириниб ўтирибди», деди Махечич.
Унинг сўзларига кўра, Асад тузуми 44 минг тинч аҳолини яхшилаб текширгач, ҳудудни тарк этишига рухсат берди, уларнинг аксари аёллар, болалар ва кексалардир.
БМТ вакилининг маълум қилишича, Бирлашган миллатлар ташкилоти ва қатор нодавлат тузилмалари ҳамон яшириниб ўтирган сурияликларнинг турмуш шароитини бирмунча яхшилаш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда, аммо ташкилот ҳамон Шарқий Ғутага кира олмади.
«БМТ Шарқий Ғутани тарк этаётган тинч аҳоли махсус текширувдан ўтаётганини билади. Бироқ ҳаммага маълумки, БМТ эвакуация ҳақидаги келишувнинг иштирокчиси эмас», деди Махечич.
Асад режими ва унинг тарафдорлари Россия ҳарбийларининг мадади билан 19 февраль куни Сурия мухолифати назоратидаги Шарқий Ғутага ҳужум бошлади.
Улар Дамашқ яқинидаги ушбу шаҳарга жадал ҳаво зарбалари йўллади. Шарқий Ғутада ўша пайтда 400 минг киши истиқомат қиларди.
Натижада кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, минглаб инсонлар бошпанасидан айрилди ва ертўлаларда яшириниб ўтиришга мажбур бўлди.
24 февраль куни БМТ ХК томонидан қабул қилинган Сурияда ярашув муддати эълон қилиш ҳақидаги резолюцияга қарамай, Асад тузуми ва унинг тарафдорлари Шарқий Ғутада қон тўкишни давом эттирди. Халқаро Ҳамжамиятнинг бегуноҳ инсонлар нобуд бўлишига қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари самарасиз якунланди.
БМТ ХКнинг 27 февралдаги резолюциясидан сўнг Россия ҳар куни Сурияда беш соатлик ярашув муддати бўлишини эълон қилди. Москва Асад тузумининг ушбу қоидага риоя этишини кафолатлади.
Аммо БМТ ХКнинг резолюцияси ва Россиянинг кафолатига қарамай, Асад тузуми ҳужумлари давом этаверди. Учинчи март куни Асад тузуми ҳудудга кенг миқёсли ҳужумларни бошлади.
11-12 март кунлари Асад режими ва унинг тарафдорлари Дамашқ яқинидаги ушбу шаҳарнинг шарқий туманларидан ғарбига қараб силжий бошлади ва Харестани қамал қилди. Шундай қилиб, 12 март куни Асад кучлари Шарқий Ғутани уч қисмга бўлиб ташлади.
22 март куни Россия ва «Жайш ал-Ислом» қуролланган мухолифат гуруҳи Шарқий Ғутадан аҳолини мажбурий кўчириш ҳақида келишувга эришди.
Еттинчи апрель куни Асад режими Шарқий Ғутадаги Дума туманида кимёвий қуролдан фойдаланди, 78 нафар тинч аҳоли қурбон бўлди.
Шундан сўнг эвакуация ишлари тўхтатилди ва фақат 10 апрелдан давом эттирила бошлади.



