Вашингтон фаластинлик журналистларнинг ўлдирилиши мавзусидан қочяпти
Вашингтонда Фаластиндаги тинч намойиш пайти ўлдирилган фаластинлик журналистлар мавзусида сўз очишдан қўрқмоқдалар.
АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Хизер Нойерт фаластинлик 30 яшар журналист Ёсир Муртажонинг Исроил аскари отган ўқдан ҳалок бўлгани ҳақида маълумотга эгалигини тан олди.
Журналистлар учун ҳар куни бўлиб ўтадиган брифингда Нойертга Ғазо ва Исроил чегарасида нимчасига «Press» деган ёзув туширилган журналистнинг қасддан ўлдирилиши ҳақида савол берилди. «Биз Ғазо секторидаги тўқнашув пайти журналистнинг ўлдирилганидан хабардормиз. Аммо шахсан менда бу мавзуга доир аниқ маълумот йўқ. Биз бу жараённи кузатмоқдамиз, дея оламан, холос», деди дипломат.
Айни пайтда Нойерт Фаластиндаги тинч намойишлар пайти одамларнинг Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилишига доир саволга аниқ жавоб беришдан қочди. «Биз Яқин Шарқда томонларни тинчлик музокараларини қайта бошлашга чақирамиз. АҚШ уларни тинчлик учун яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Шубҳасиз, ўтган ҳафтадаги воқеалар хавотир уйғотади», деди АҚШ давлат департаменти вакили.



