Россия хавфсизлик кенгаши «Ислом тарихини яхши биладиган» мутахассисларни тайёрлашга чақирган
Ислом тарихи ва маданияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш аҳолини жанговар ислом мафкурасидан ҳимоя қилиш ва унинг диний саводини ошириш учун жуда зарур, деган Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев.
Чоршанба куни Черкесскда Шимолий Кавказ федерал округида миллий хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган мажлисда сўзга чиққан Патрушев Яқин Шарқ мамлакатларидаги диний муассасаларда таълим олган ва радикал исломий ғояларни тарқатаётган шахслар ўта хавфли эканини таъкидлади. Бундай шароитда аҳоли орасида маърифий ишларни олиб бориш жуда муҳим, деди ХК котиби.
«Исломий таълим концепцияси доирасида Россияда Ислом тарихини чуқур биладиган мутахассисларни етиштириш ишларини фаоллаштириш, бунинг учун исломий олий ўқув юртларида ўқишга муносиб, истиқболи порлоқ ёшларни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир», деди Патрушев.



