Асаднинг оиласи ваҳимада Эронга қочяпти
Сурия президенти Башар Асаднинг оиласи шу ҳафтанинг охиригача Эронга етиб келиши керак.
Бу ҳақида Oxu.аz сайти Эрон ОАВларига таяниб маълум қилди.
«АҚШнинг Сурияга кенг миқёсли авиазарбалар беришга тайёрланаётгани ҳақида эълон қилингач, суриялик золим Башар Асаднинг, шунингдек, Сурия ҳукумати аъзоларининг оилалари Теҳронга кетишмоқда», дейилади хабарда.
Суриялик раҳнамолардан айримларининг оилалари эса бир неча кун аввалроқ Эронга етиб келишган.
Асадга яқин доиралардаги манбаларнинг хабар беришича, «Суриядаги юқори мансабли амалдорлар ҳамда уларнинг оила аъзолари юрагига қўрқув ва ваҳима тушган. Амалдорлардан кўпчилигининг оиласи душанба куниёқ Эронга кўчириб келтирилган».
Аммо Асаднинг ўзи Дамашқда қоладими ё оиласи билан Эронга кетадими – ҳозирча номаълум.



