Филиппиндаги мусулмонларнинг асосий шаҳри Ҳалаб ва Мосул билан тақдирдош бўлди

Филиппиннинг энг катта мусулмон шаҳри Маравининг бундан бир йил аввалги жанглардан жабрланган аҳолисига уйларига қайтиши учун рухсат берилди. Энди улар бир пайтлар ўзлари ҳаёт кечирган, эндиликда вайронага айланган шаҳарни қайта тиклаши керак.

Филиппин жанубидаги ушбу шаҳарнинг катта қисми 2017 йил майида бўлган ҳарбийлар ва ИШИДга хайрихоҳ жангарилар ўртасидаги жанглар натижасида ҳаробага айланди. Тўқнашувлар натижасида 1200 га яқин инсон ҳалок бўлди.
Бир пайтлар бу ерларда яшаган, энди тушкун ва ночор аҳволда қолган аҳоли вайроналар остида ҳамон портламай қолган бомбалардан қўрқиб она шаҳарларига қайтолмай турганди.
Якшанба, 1 апрель куни 7000 га яқин киши ўз уй-жойларини тартибга келтириб, тинч ҳаёт кечириш учун шаҳарга қайтиб келди.
«Мен хўрлик ва аламдан йиғлайман», дейди AFP га 44 яшар Шамшида Мангчол, унинг тўй либослари бутиги ўрнида террорчилар ёзиб кетган «Мен ИШИДни яхши кўраман» деган ёзув турибди.
«Авваллари либосларни ижарага берардим, энди эса қашшоққа айланиб, қариндошларимдан егулик ва кийим тиланиб юрибман», деди уч фарзанднинг онаси қўлида титилиб кетган келинларнинг либосини ушлаб йиғларкан.
Католиклар кўпчиликни ташкил қиладиган Филиппинда Миндао оролидаги Марави шаҳри мусулмонлар энг кўп яшайдиган ҳудуд ҳисобланади. Ўтган йили у юзлаб маҳаллий ва хориждан ёлланган жангарилар томонидан қамал қилинди, жунбишга келган террорчилар қора байроқларни силкитиб шаҳарга кириб келди, улар Жануби-Шарқий Осиёда ИШИДнинг базасини яратмоқчи эди.
Келаётган бир ой ичида яна бир қисм аҳолига шаҳарга уч кунгагина қайтиш учун рухсат берилади, улар эски уйлари харобалари остидан ўзлари учун керак ва қадрли нарсаларни кавлаб олишлари мумкин, сўнгра шаҳарни урушдан кейинги тиклаш ишлари бошланиб кетади.
«Уйимизни тарк этаётганимизда, у янги эди. Рамазон учун росса тайёргарлик кўргандик», дейди етти фарзанднинг онаси, 44 яшар Маймуна Амбола. «Бомба барини йўқ қилиб юборди. Каравотимизгача ёниб кул бўлди».
Октябрда бошланган қонли жанглар эса президент Родриго Дутерте учун энг жидди хавфсизлик инқирозини юзага келтирди. Вайронгарчиликлар Ҳалаб ёки Мосулникидан қолишмасди.
Шаҳарнинг 200 000 нафар аҳолисидан аксар қисми, жумладан, жанговар ҳаракатларнинг маркази бўлган Граунд-Зироу номли тумандан 10 000 киши ўз уйларини шошилинч тарк этишга мажбур бўлди. Ўшандан бери улар эвакуация марказларида ёки бошқа шаҳарларда яшовчи қариндошлариникида жон сақламоқда.
Филиппиндаги исломий ташкилотларнинг маълумотларига кўра, Маравининг 100 000 га яқин аҳолиси ҳамон шаҳар ташқарисида қочқин мақомида яшамоқда.
Маравига 1639 йил испанияликлар томонидан асос солинган. Ўшанда мусулмон Маранао амирлигининг минглаб аскарлари бу ҳудудда мустаҳкам истеҳком қурдилар ва испанияликларни сиқиб чиқардилар. Испанлар 19-асрнинг охирида Магиндано султонлигини маҳв эта бошлаган пайтлари бу ерга қайтишди, аммо яна уни тарк этишга мажбур бўлишди.
Марави – аҳолисининг 99,6 фоизи мусулмон бўлган шаҳар. Маркос президентлиги даврида Марави Ислом шаҳри мақомини олди, унинг ҳудудида қисман шариат қонунлари амал қила бошлади, алкогол сотиш ва қимор ўйинлари тақиқланди, муслималар рўмол ўраши шарт қилиб қўйилди.
Минданао давлат университетида Оғахон исломий санъат музейи бор, у музейнинг очилишига ҳисса қўшган Султон Оғахон шарафига номланган. Унда маҳаллий санъат намуналари, этник мусиқа, халқ рақслари, анъанавий тураржой моделлари, мусулмонлар томонидан ишлатилган маҳаллий чолғу асбоблари ва қуроллар намуналари мавжуд.

back to top