Квебек: Бўлажак полиция ходимасининг рўмол ўраши қизғин баҳсга сабаб бўлди
Канаданинг Квебек штатида диний тимсоллар сиёсий партиялар ўртасидаги баҳсларда асосий масала бўлиб қолмоқда.
Монтреал газетаси полиция ходими бўлиш учун ўқиётган 17 яшар муслима қиз полиция ходими бўлганида ҳам рўмол ўрашни давом эттиришни хоҳлаши ҳақида хабар берди.
Мухолифатдаги Авинер Квебек коалицияси, полиция автомобили ибодат қиладиган жой эмас, полиция формасидаги зобит бир пайтнинг ўзида ҳам ҳукуматга, ҳам Худога хизмат қила олмайди, дея баёнот берган.
Квебек Адлия вазири Стефани Валле эса мухолифат коалициясини фуқаролар эркинлигини чеклашга уринаётганликда айблаган.
Валле хоним ўз партияси диний либосда форма кийган полиция ходимлари билан ҳеч қандай муаммога эга эмаслигини таъкидлаган.
Ушбу баҳс-мунозаралар халқ хизматида бўлган давлат идоралари ходимларининг, жумладан, ўқитувчилар, адвокатлар, қамоқхона нозирлари ва бошқа соҳа вакилларининг иш вақтида диний либос кийиши борасида анча вақтдан бери давом этиб келаётган баҳслардан биридир.
Монтреал нашрига кўра, бу муаммо 1 октябрда Канаданинг мазкур штатида ўтказиладиган сайловда асосий масалалардан бири бўлиши кутилмоқда.



