Туркия ҳукумати мамлакатнинг "тақводор авлоди"ни етиштирмоқчи
Туркиянинг Маориф вазири Исмат Йилмаз мактабнинг юқори синфида аъло баҳолар билан ўқиётган ўқувчиларнинг қарийиб чорак қисми Имом-хатиб диний мактабларига қабул қилиниши кутилаётганини айтди.
Дунёвий қарашдаги танқидчилар ҳукуматни исломий таълимга устунлик бераётганликда айбламоқда.
Рейтерс ахборот агентлиги хабарига кўра, Туркия Президенти Ражаб Тоййип Эрдўғоннинг буйруғига мувофиқ ишлаб чиқилган ислоҳот лойиҳасининг бир қисми ўлароқ ҳозир мактабни аъло баҳоларга тамомлаётган юқори синф ўқувчиларидан 10 фоизи, кириш имтиҳонларининг янги тизимига мувофиқ, июн ойида сараланган мактабларда ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Эрдўғон асосий мақсадлардан бири бўлажак имомларни тайёрлайдаган Имом-хатиб мактабларида Туркиянинг “тақводор авлоди”ни етиштиришдан иборат эканини таъкидлаган.

Агар амалга ошса, имомлар сони охирги олти йилдаги қўрсаткичдан беш мартага кўпайиб 1 миллион 300 минг кишига етади.
Маориф вазирлигининг Интернетдаги саҳифасида эълон қилинган имтиҳон тизими қўлланмасига мувофиқ 1367та ўрта мактабдан саралаб олинган салкам 300 таси, ўқишни Имом-хатиб мактабларида давом эттирадиган ўқувчиларни қабул қилади.

“Биз ҳеч кимни бирор иш қилишга мажбур қилмаяпмиз. Ўз фарзандларини бундай мактабларга ўқишга бериш ёки бермаслик ота-оналар иҳтиёрида”, - дея тушунтириш берди Маориф вазири.

Рейтерс агенлигининг январ ойидаги хабарига кўра, Туркиянинг Имом-хатиб мактабларида ўқиётганлар сони мамлакатдаги юқори синф ўқувчилари сонининг атиги 11 фоизини ташкил этса-да, бу йилги бюджетнинг 23 фоизи Имом-хатиб мактаблари учун сарфланади.

Жорий йилда Туркияда бир миллиондан ортиқ ўқувчи ўрта мактабни тамомлайди ва уларнинг 90 фоизи ўз уйларига яқин жойлашган Олий ўқув юртларига ҳужжат топширади.





