Темурийлар сулоласининг мероси Нью-Йоркда аукционга қўйилди
Forbes Middle East тарқатган хабарга кўра, Нью-Йоркдаги Sotheby’s компанияси 20 апрель куни Шарқшунослик ва Яқин Шарқ ҳафталиги доирасида аукцион ташкил қилди.
Ўтган 1200 йил ичида яратилган мусулмонларга оид 200 дан ортиқ санъат асарлари қўйилган кимошди савдоси эса 25 апрель куни бўлиб ўтади.
Лотда тақдим этиладиган нарсалар орасида шахсий коллекциялардан чиқарилган ноёб асарлар ҳам бор. Масалан, темурийлар сулоласига оид нафис кошинлар, безакларга бой Усмонли даври қўлёзмалари ва XII-XIII асрларда ёзилган астрономия, математика ва тиббиётга доир учта жуда қимматли асарлар шулар жумласидандир.
Аукционда 1973 йили Францияда топилган XIV-XV асрлар Темурийлар салтанатига оид бешта нодир мозаика намуналари тақдим этилади. Ушбу кошиннинг тарихи 1917 йилги инқилоб пайтида ҳозирги Тбилисидан қочган армани Мнацакан Придонов номи билан боғлиқ. 1944 йилда кошин унинг қизига сеп тариқасида берилган буюмлар рўйхатида бўлган.
Марказий Осиё тарихига дахлдор ушбу лот 114 минг доллардан 171 минг долларгача баҳоланмоқда. Сурия ва Мисрдаги мамлукларга тааллуқли XIV асрга оид кумуш косанинг бир бўлаги эса $ 85,500 – $ 114,000 га сотилиши кутилмоқда.
Шунингдек, кимошди савдосида Куфий хатида битилган Қуръоннинг ноёб нусхаси ҳам тақдим этилади. У Эрон ёки Ўрта Осиёда тахминан 1125 ёзилган деб тахмин қилинмоқда. Аукцион қатнашчилари эътиборига Қуръоннинг нефрит тоши ва олтин билан безатилган ноёб нусхаси ҳам тақдим этилади. Ушбу ноёб заргарлик иши 1375 йилда Мисрда амалга оширилган. Унинг котиби Али ибн Муҳаммад ал-Муктиб ал-Ашрафий ва безакчиси Иброҳим ал-Амидий деб тахмин қилинади.



