Хитойлик мусулмонларга Исломни Туркияда ўрганиш таклиф қилинди
Туркиянинг Маданият ва туризм вазири Нумон Куртулмуш 20 апрел куни Шанхайда шаҳар муфтийси Муса Чин билан учрашув пайтида хитойлик мусулмонлар Ислом динини Туркия университетларида ўрганишлари мумкинлигини таклиф қилди.
“Биз Қуръон маънолари ва ҳадиснинг хитой тилидаги таржималари нусҳасини жўнатишимиз мумкин. Ислом динини ўрганишни хоҳлаган хитойлик мусулмонлар Туркиядаги теология факултетларига ҳужжат топширишлари мумкин”, - дея баён қилди Нумон Куртулмуш.
“Биз дунёдаги 1,5 миллиарддан зиёд мусулмонлар оиласининг аъзоларимиз. Биз бир-биримиз билан тез-тез мулоқотда бўлишимиз керак. Биз ўз маданиятимиз ва меъросимизни яхшироқ англашимиз керак”, - дея сўзига қўшимча қилди Шиаотаоюан масжидида муфтий Чин билан суҳбатда бўлган Туркия вазири.
Ўз навбатида Шанхай муфтийси Туркия ва Хитой ўртасида яқин муносабатлар ўрнатилганини урғулади.
АА.сом нашрига кўра, ҳозир Хитойнинг Шанхайда саккизта масжид бор ва шаҳарда 200 минг мусулмон истиқомат қилади.
Хитойда озчиликни ташкил этган 56та миллат ва элатнинг 10таси Ислом динига эътиқод қилади. Улар хуи, уйғур, қирғиз, қозоқ, тожик, ўзбек, салар, баоанз ва донгшианглардир. Бу миллат ва элатлар асосан Хитойнинг шимоли-ғарбий минтақаларида яшайди.



